Admin 02-02-2021 17:26 187

КОICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида меморандум имзоланган эди

2020 йил ноябрь ойида “Тошкент шаҳридаги ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш маркази” билан “Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги” – КОICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида меморандум имзоланган эди.

26 январь куни мазкур ҳамкорлик доирасида марказ томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида КОICA мутахассислари ва оммавий ахборот воситалари вакилларига атрофлича маълумот берилди.

Ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш маркази меҳнат бозори учун қисқа муддатда сифатли ва аниқ мақсадга йўналтирилган касбга эга малакали кадрлар тайёрлайди, тармоқлари модернизация ва диверсификация қилинаётган корхоналар ишчи-ходимларини қайта ўқитади ва малакасини оширади. Марказ ҳудудий бандликка кўмаклашиш марказлари орқали аҳолининг банд бўлмаган қатламини аниқлаб, уларни касбга ўқитади. Юридик ва жисмоний шахсларга шартнома асосида муайян касблар бўйича қисқа муддатли ўқитиш курслари ташкил этади.  

Лойиҳа учун кореялик ҳамкорлар томонидан 20 минг долларлик грант ажратилган бўлиб, унинг доирасида юртимизда ишсизлар ва меҳнат мигрантларини қисқа муддатли касб-ҳунар курсларида ўқитиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш режалаштирилган.

Марказ томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида фаолият юритаётган касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш масканларида таълим самарадорлигини ошириш мақсадида уларни сифатли ўқув материаллари билан узлуксиз таъминлаш йўлга қўйилган.  

Жумладан, барча касб-ҳунарга ўқитиш марказлари учун автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, ахборот технологиялари, электроника ва автоматлаштириш, машинасозлик технологиялари йўналишлари бўйича видеодарсликлар тайёрланди. Мазкур сайт орқали ўқувчилар ўзларини қизиқтирган мавзулар бўйича керакли маълумотларга эга бўлиши мумкин.

Таъкидлаш жоиз, мазкур қўлланмалар касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, Тошкент шаҳри туманларида қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курсларини ташкил этиш учун ажратилаётган профессионал таълим муассасалари ҳамда ушбу йўналишда фаолият юритаётган ходимлар учун керакли манба бўлмоқда.

Учрашувда КОICA билан ҳамкорлик самарали кечаётгани, келгусида янги лойиҳалар устида биргаликда ишлаш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

 

Hamkorlar